Search
Search Results
-
БОЛАЛАРДА НЕХОДЖКИН ЛИМФОМАЛАРНИНГ КЛИНИК-ИММУНОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ ҲАМДА ДАВОЛАШНИ ОПТИМАЛЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ЗАМОНАВИЙ ҚАРАШЛАР
Неходжкин лимфомалар (НХЛ) иммуноформологик, цитологик ва клиник хусусиятлари бўйича турлича бўлган ўсмаларнинг гетероген гуруҳини ўзида намоён этиб, болалар онкологик касалликлари тузилишида лейкоз ва марказий нерв тизими ўсмаларидан кейин учинчи ўринда туради. НХЛ га болалар аҳолисида барча хавфли ўсмаларнинг 7,4% и тўғри келади ва бир қатор муаллифларнинг маълумотларига кўра сўнги йилларда касалланганлар сони ўсмоқда [5]. Лекин болаларда НХЛ даволашнинг прогнози нисбатан яхши бўлишига қарамасдан, ушбу гуруҳ беморларда асосий муаммо кимё терапияси асоратлари улушини орттирмасдан даволаш кўрсаткичларини яхшилаш ҳисобланади [7]. Хавфли ўсмалар кимё терапиясининг асоратларини даволаш болалар онкологиясида долзарб муаммолардан бири бўлиб келмоқда. Мамлакатимизда НХЛ дан азият чекадиган болаларнинг умумий сони 2015-йилдан 2022-йилгача жуда кўп бирламчи аниқланган ҳолатларни ташкил этади. Ушбу тоифа бемор болаларда летал якунларнинг асосий сабаблари, касаллик ўтказиб юборилган ҳолатлардан ташқари, кимё терапиясидан кейин ривожланган оғир инфекцияли асоратлар, энтерал етишмовчилик ривожланиши, миелотоксик синдром ҳисобланади, бу даволаш режимининг бузилишига ва бунинг оқибатида ўсманинг жадал ривожланиши ва эрта қайталанишига олиб келади [9].
Ўзбекистон Республикасида хавфли ўсмалари мавжуд болаларда касалликнинг ўсиб бориши кузатилмоқда, бунда 80% ҳолатларда улар лимфоид келиб чиққанлиги аниқланган. Иқтисодий ресурслар чекланганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида 2018-йилгача имммуногистокимёвий тадқиқот ўтказиш имконсиз бўлганлиги туфайли НХЛ мавжуд барча болаларда ҳам Б- ва Т-ҳужайра вариантлари аниқланмаган. Бу, шубҳасиз, танланган кимё терапия схемаси эмпирик тайинланиши ва даволаш натижалари қониқарсиз бўлишига олиб келган.