Ушбу тадқиқот Фарғона водийси аёл шифокорлари популяцияси мисолида юрак ишемик касаллигининг (ЮИК) тарқалиши ва унинг гликемик хатар омиллари билан боғлиқлигини ўрганишга бағишланган. ЮИК дунё миқёсида юрак-қон томир касалликлари орасида етакчи ўринни эгаллайди ва ўлим ҳолатларининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Тадқиқотда аёл шифокорларда касбий стресс, юқори иш юкламаси ва психоэмоционал зўриқиш таъсирида қонда глюкоза даражасининг ошиши ҳолатлари таҳлил қилинди. 1497 нафар тиббиёт ходимлари иштирокида ўтказилган эпидемиологик таҳлил натижалари гипергликемиянинг ЮИК ривожланишида муҳим омил эканлигини кўрсатди. Шунингдек, турли ёш гуруҳларида касаллик ва гликемия даражалари ўртасидаги фарқлар аниқланди. Ёш ва ўрта ёшдаги аёлларда гипергликемиянинг юқори тарқалиши кузатилиб, бу ҳолат ЮИК хавфини оширади. Олинган натижалар профилактика чораларини такомиллаштириш, касбий стрессни камайтириш ва саломатлик мониторингини кучайтириш зарурлигини кўрсатади. Ушбу тадқиқот натижалари аёл шифокорлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва юрак-қон томир касалликларини олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.